Фарҳод Умаров ҳиндистонлик сармоядорларни қабул қилди

0

Бухоро шаҳрида айни пайтда ҳиндистонлик инвесторлар ташаббуси билан яна бир замонавий ва муҳташам, беш юлдузли меҳмонхона қурилмоқда.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчиси Фарҳод Умаров бугун, 3 сентябрь ана шу лойиҳа муаллифи, Ҳиндистоннинг “Orion Internationale” компанияси раҳбари Жалар Мирари Лал бошчилигидаги сармоядорлар делегациясини қабул қилди.

Учрашувда сўз олган вилоят раҳбари ҳиндистонлик ҳамкорларга Бухоро вилоятининг бугунги ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, хорижий инвесторлик компаниялари билан олиб борилаётган янги лойиҳалар амалиёти, сайёҳликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар хусусида атрофлича тўхталди.

Ўз ўрнида самимий қабул учун миннатдорлигини изҳор қилган Дебата Рашми Ранжан жаноблари Ўзбекистон улар учун ишончли ҳамкор эканлиги, сўнгги икки йилда Тошкент шаҳри ва вилоятида, шунингдек, Наманган шаҳрида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётганликлари ҳақида батафсил маълумот берди ва бу борада тайёрланган видеоролигини тақдим этди. Меҳмонхоналар тизими билан бир қаторда йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, шунингдек, олий таълим даргоҳини қуриш, бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш мақсадида етиштирилган ҳосилни қайта ишлаш ва логистик марказлар фаолиятини йўлга қўйишда, замонавий иссиқхоналар барпо этишда катта тажрибага эга эканликларини билдирди.

“Orion International” компанияси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ўртасида имзоланган Меморандумга мувофиқ Бухоро шаҳар ҳокимининг 2018 йил 29 июндаги қарори асосида Ҳиндистон давлати инвесторларига Бухоро шаҳри ҳудудидан 2,7 гектар ер майдони ажратилган.

Музокара жараёнида инвесторлар учун “Bukhara City” лойиҳаси ҳам тақдимот қилинди.

Маҳаллий ҳамкор — “Metrik Ventures” МЧЖ қурилиш-пудрат корхонаси томонидан айни кунда жами 240 та хонани ўз ичига олган кўп қаватли замонавий меҳмонхонанинг 5-қаватида ишлар якунланиб, 6-қаватини бунёд этишга киришилган. Зарур ускуналар Ҳиндистон Республикасидан олиб келинган бўлиб, ҳозиргача қурилиши бораётган объект учун 4,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ўзлаштирилган. Сармоядорлар лойиҳани амалга ошириш мақсадида умумий қиймати 10,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни сарфлашга тайёрлигини маълум қилишган.

Мулоқот якунида вилоят ҳокими томонидан меҳмонларга қадимий ва ҳамиша навқирон Бухорони эслатиб турувчи совғалар топширилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Menu