Фарғона водийсидаги биринчи осмонўпар бинолар Наманганда барпо этилади

0
Lake City

Тошкентдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида “Namangan Square” лойиҳасининг қурилишига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Унда журналистларга MJ Developers xалқаро қурилиш компанияси ҳаммуассиси Анкит Жалан ушбу лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берди.

18 гектар майдонда “ақлли шаҳар” қуриш режалаштирилмоқда. “Namangan Square”нинг асосий безаги ноёб дизайн ва конструкцияли икки бино ҳисобланиб, улар MJ Developers томонидан бунёд этилади. Бинолар Фарғона водийсидаги биринчи баланд бинолар бўлади.

Жаланнинг таъкидлашича, таxминан 325 000 квадрат метр иш жойлари, турар жойлар ва чакана савдо майдончаларини 10 гектардан ортиқ парк майдонида ноёб ландшафт дизайн билан қуриш режалаштирилган.

Таъкидланишича, “Namangan Square”даги пуxта ўйланган спорт ва ҳордиқ чиқариш муҳити шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига тўлақонли машғулотлар ўтказишга имкон беради. Шунингдек, югуриш ва велосипед йўллари, воркаут ва скейтинг учун майдонлар, шунингдек, баскетбол, теннис, футзал ва голф машқлари учун майдонлар қуриш режалаштирилган.

Компания вакили Сардор Жонпўлатовнинг маълум қилишича, MJ Developers замонавий бинолар барпо этиш бўйича катта тажрибага эга. Компания, шунингдек, Бухорода тўрт юлдузли меҳмонхона барпо этмоқда. “Namangan Square” мамлакатимизда унинг иккинчи лойиҳаси бўлиб, у Наманган шаҳрининг аэропорт йўли ҳудудида қурилади. Тўрт йил давомида қурилиши мўлжалланган лойиҳа иккита баланд бино, 1 минг 500 хонадон, 3 боғча, мактаб қурилишини ўз ичига олади. Айни чоғда офис қурилиши ишлари якунланди. Шу йилнинг 22 ноябрь куни офис очилиши ва сотилиш жараёнлари ўтказилади.

Компания 2021 йилда 10 минг киши Namangan Square’да истиқомат қилишни бошлашига умид қилмоқда. Namangan Square’ни лойиҳалашда таниқли ҳинд архитектори Ҳафиз Контрактор иштирок этган.

MJ Developers компаниясига Дубай шаҳрида асос солинган бўлиб, у Бразилия, Ҳиндистон, БАА, Россия ва бошқа мамлакатларда йирик лойиҳаларни амалга оширган.

Menu